ИККИ ХИЛ КОНТРАКТ ШАКЛИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ: СТИПЕНДИЯЛИ ВА СТИПЕНДИЯСИЗ


Контракт нархи 18 фоизга қимматлашди. Сабаб ─ харажатлар кўп!

   2019 йил сентябрь ойидан бошлаб олий таълим муассасалари учун тўлов-контракт миқдори 18 фоизга ошди. Бунга асос сифатида таълим харажатлари ортиб бораётгани кўрсатилмоқда.

   «Олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари, коммунал хизматлар тарифи ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасаси харажатлари даромадига нисбатан 74 фоизга ўсган. Шунингдек, ёшларни олий таълим билан қамраш кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортди, талабалар контингенти 126 минг нафарга кўпайди. Бу олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, ўз навбатида қўшимча харажатни талаб этади. Шу боис, контракт нархи ҳам ошди. Аслида контракт пули таълим харажатларини тўлиқ қоплаши керак, лекин ҳозир бизда фақат 68 фоизини қоплаяпти, холос. Қолган қисмини эса олий таълимда кадрлар тайёрланишидан манфаатдор бўлгани учун давлат бюджетидан қопланмоқда. Лекин давлат даромадининг ҳам чеки бор. Агар контракт нархи камайтирилса, чегирма ҳисобидаги бўшлиқни тўлдириш ҳам давлат бюджети ҳисобига тушади. Лекин бюджет ҳам халқдан олинадиган пул ҳисобига тўлдирилади-ку», дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов.

   Икки хил контракт шакли жорий этилди: стипендияли ва стипендиясиз

   2019 йилдан бошлаб стипендияли ва стипендиясиз контракт шакли жорий этилди. Стипендияли контрактда талаба ҳар доимгидек ўз стипендиясини ойма-ой олади ва белгиланган контракт суммасини тўлиқ тўлайди. Стипендиясиз контрактда эса талаба 12 ой давомида оладиган стипендиясининг умумий суммасини (400,000х12=4,800,000) бир йиллик контракт нархидан чегириб қолган ҳолда, қолган суммани тўлаши мумкин бўлади.

   Бу тизим бакалавр, магистрларнинг барчаси учун, шунингдек, супер-контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий этилади.

   Шунингдек, аҳолига енгиллик яратиш мақсадида контракт суммасини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда. Олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига ҳам эга бўлади.

   Стипендия миқдори бир хил ─ 400 минг сўм

   Ҳозиргача амал қилиб келган тартибга кўра, талабалар семестр якунида топширган тест синовлари натижасига асосан баҳоларига қараб («5» баҳо учун, «4» баҳо учун ва «3» баҳо учун) табақалаштирилган стипендия олишар эди. Янги ўқув йилидан бошлаб барча талабалар учун бюджет ёки контракт асосида ўқишдан қатъи назар қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия жорий қилинди. Фақат битирувчи босқичнинг бюджет асосида ўқийдиган талабалари аввалги, табақалаштирилган тизими асосида баҳосига қараб стипендия олади.

   Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов берган маълумотларга кўра, стипендия нархи қатъийлаштирилиши стипендиясиз тўлов шакли жорий этилиши билан боғлиқ. Қатъийлаштирилган стипендия учун нега айнан 400 минг сўм белгиланганига қуйидагича изоҳ берилди.

   «Ўзбекистонда талабаларнинг 62 фоизи 3 баҳога ўқийди. 3 баҳо учун 374 минг сўм стипендия белгиланган. Уни яхлитлаб, 400 минг сўм қилиб қўйдик. Чунки кассир ҳам камини бера олмай қолиши, у ҳам бир жиноятни бошлаши мумкин. 600 минг қилиб қўйсак, бу кимгадир малол келиши мумкин. Стипендиянинг қатъийлаштирилган миқдорини белгилашда талабалар, ректорлар кенгаши билан муҳокама қилинган, олий таълим муассасалари билан келишилган. Олий таълим муассасаси раҳбарларининг фикри ҳам жамоатчилик фикрини беради. Биз талабаларнинг ҳам фикрини олдик», дейди Сарвар Бузрукхонов.

   Аммо талабаларнинг фикри қай тартибда ва қайси манбада ўрганилгани ҳақидаги маълумот очиқланмади.

   Яхши ўқиган талабалар рағбатлантирилади.

   Янги тартибга кўра, ўзлаштириши яхши бўлган, илмий ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган талабаларга стипендиянинг 50 фоизигача (200 минг сўмгача) миқдорда қўшимча рағбатлантириш берилиши мумкин. Бундай рағбатлантиришга номзодлар ректор томонидан тавсия қилинади. Рағбатлантириш маблағлари давлат гранти асосида ўқийдиган талабалар учун давлат бюджети ҳисобидан, тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабалар учун эса ҳар бир олий таълим муассасасида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан қопланади.

   «Ногиронлар, кам таъминланган оила фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар учун ҳам стипендия ОТМ фондидан қоплаб берилади», дейди Олий таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев.

   «Бюджетчи»лар 30 фоиздан кўп «3» баҳо олса, стипендиясиз қолади

Маълум қилинишича, мазкур ўқув йилидан бошлаб давлат бюджети асосида ўқийдиган талабалар барча фанларнинг 30 фоиздан кўпини «3» баҳога ёпса, кейинги ўқув семестрида стипендия олишдан маҳрум бўлади.

 

Comment:
Йил дастури
Card image cap

Сайтдан излаш
Рўйхатдан ўтиш
Ишонч телефони

+99876-223-47-14

Ижтимоий тармоқлар
Кун фотоси
TIJ
852147963
789632145
78933434