КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ ДАВРИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР


Коронавирус пандемияси даврида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

 

Ўзбекистон Республикаси Қонуни

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори

                                                                   

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Жами

1 та

8 та

27 та

58 та

94 та

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Қонуни

 

“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун 16 март 2020 йил.

Қонунга асосан бир қатор асосий тушунчалар киритилди:

аҳолини рўйхатга олиш — Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни.

Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи (Давлат статистика қўмитаси), шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатларига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш учун масъул бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар махсус ваколатли давлат органига аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги вазифаларни бажариш юзасидан кўмаклашади.

Қонун билан аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари белгиланди, булар:

  • даврийлик;
  • умумийлик ва бир пайтдалик;
  • рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги;
  • шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги;
  • аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги.

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари:

 

  1. “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5969-сон 19 март 2020 йил

Фармонга мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида:

  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилади;
  • алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади;
  • умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилади;
  • б) 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади;
  • в) қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади;
  • г) 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади;
  • д) жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.
  • 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда:
  • ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади;
  • солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга ошириш чораларини кўрилиши белгиланди.

  1. “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”
    ПФ-5975-сон 26 март 2020 йил.

Фармонга мувофиқ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

Жумладан, вазирлик иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этади, камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиб, уларни амалга оширади ва мувофиқлаштиради.

2020 йил 1 октябрга қадар қуйидагилар ишлаб чиқилади:

  • 2030 йилгача Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси;
  • 2030 йилгача Ўзбекистон саноатини ривожлантириш стратегияси;
  • Камбағалликни камайтириш дастури;
  • 2021 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида минимал истеъмол савати ва яшаш минумуми жорий этилиши юзасидан қарор лойиҳаси.

Фармонга мувофиқ:

  • тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича барча ўрта ва узоқ муддатли концепциялар, стратегиялар ва дастурлар вазирлик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади;
  • қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва қарорлар вазирлик томонидан камбағаллик даражасига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилади;
  • рақобат ва монополияга қарши курашиш, техник регламентларни ўрнатиш, ер муносабатларини тартибга солиш, геология ишлари, давлат активларини бошқариш, давлат-хусусий шериклик механизмини такомиллаштириш бўйича чоралар ва сиёсатларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда вазирлик иштирок этади.

Фармон билан шунингдек, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги этиб қайта ташкил этилди.

Вазирлик ҳузуридаги Урбанизация агентлиги тугатилиб, унинг функция ва вазифалари вазирликка ўтказилди.

Бундан ташқари, Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари вазирликка ўтказилиб, уларнинг негизида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ташкил этилади.

  1. “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида” ПФ-5980-сон 16 апрель 2020 йил.

Фармонга мувофиқ, Президент ҳузурида Жамоатчилик палатаси ва ҳар бир ҳудудда унинг бўлимлари ташкил этилади.

Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.

Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, уларнинг:

  • 18 нафари Президент томонидан тайинланади;
  • 18 нафари маҳаллий ННТлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлаб олинади;
  • 14 нафари ҳудудий жамоатчилик палаталари вакилларидан иборат.

Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлиб, улар ҳудудларда фаолият олиб бораётган ННТлар, илмий доиралар, ОАВлар ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати – 3 йил.

Фармон билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолияти тугатилди.

Шунингдек, “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилди.

Жамоатчилик палатаси:

  • Президент ва Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;
  • Конституцияга ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқади;
  • давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга.

Жамоатчилик палатаси Раиси мақомига кўра вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

  1. “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5984-сон 22 апрель 2020 йил.

Фармонга мувофиқ, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади.

Шунга кўра, биринчи босқичда қуйидагилар амалга оширилади:

  • “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади;
  • фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади;
  • доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда 1 йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланади;
  • оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;
  • илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;
  • тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинади;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;
  • республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, 3 йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади.

 

5.“Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5987-сон
29 апрель 2020 йил.

Фармонга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди.

Шунингдек, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилади ва “юриспруденция” йўналиши бўйича белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабул, шу жумладан табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул амалга оширилади.

Фармонга кўра, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий фикр соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилади.

Фармонга кўра,  Юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантириш тартиби жорий этилади. Унга мувофиқ, ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари, жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа кесимида таҳлил қилиш асосида, юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда шакллантирилади.

Фармонга кўра, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда:

  • номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинади;
  • Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилади;
  • қўшма таълим дастурларини ва юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим муассасаларининг белгиланган шаклдаги дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистонда қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади;
  • базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида 3 йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар, ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг адлия органлари ва муассасаларида тақсимот бўйича, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида 3 йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейда, қабул тартиби ва параметрлари, шунингдек, ўқиш учун тўлов миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланган ҳолда, тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий қилинади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари, ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга бўлади.

  1. “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5989-сон 5 май 2020 йил.

Фармонга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади.

Шунингдек, маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади.

Фармон билан импорт қилинадиган айрим хомашё ва материаллар 2022 йил
1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди.

2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.

Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан – 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан – 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказий аппаратлари тузилмаларида белгиланган штат бирликлари доирасида тўқимачилик саноати масалалари бўйича тузилмалар ташкил этилади.

Йил дастури
Card image cap

Сайтдан излаш
Рўйхатдан ўтиш
Ишонч телефони

+99876-223-47-14

Ижтимоий тармоқлар
Кун фотоси
TIJ
852147963
789632145
78933434