ДИРЕКТОР ТАБРИГИ


Байрамлар, тантаналар, айниқса, истиқлолга эришилган кун йилдан йилга ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ташкил этилаяптики, бу ҳар бир кўнгилга хушнудлик улашади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи эса кўнгилдаги гаплар бўлди. Бу нутқ ҳаётга янада катта-катта мақсадлар қўйиб яшашга, олдинга интилишга куч бергандек назаримда.

Ўзбек халқи кечаги кунидан анча илдамлаган, ҳар соҳада пешқадам, илм-фанда ҳам, технологиядаю тиббиётда ҳам ўз ютуқларига, ўз ўрнига эга бўлиб бораяпти. Буни эътироф этмай, кўкрак кериб мақтамасликнинг иложи йўқ. давлатимизда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар эса фақат ва фақат инсон манфаатларига, унинг қадр-қиммати ва фаровон яшаши учун хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса ҳар бир ўзбекман деганнинг кўнглини ифтиҳорга тўлдиради.

Яқин ўтмишга, кечаги кунимизга назар ташлайдиган бўлсак, биргина Сурхондарё вилоятида тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж сабаб, айнан юртбошимиз томонидан Тошкент тиббиёт академиясининг Термизда филиали очилган эди. Албатта, бундан кўзланган мақсадлар ҳам катта. Мана шу эзгу ташаббусга ҳам тўрт йил бўлаяпти. Бу муддат ичида филиалда 2483 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Бу яқин келажакда ана шунча кадр тиббиёт соҳасида фаолият юритади дегани. Уч йўналишда таҳсил олаётган йигит-қизлар учун назарий ва амалий билимлар бериб борилаяпти. Турли грантлар, халқаро қўшма лойиҳалар эса тажриба алмашишнинг, билим ва кўникмаларни оширишнинг энг мақбул йўлидир.

Яқингача вилоятда фақатгина Термиз давлат университетининг борлиги, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сонининг ортиши эса ёшларнинг олий таълимга бўлган иштиёқини оширди, имкониятларини кенгайтирди. Энди воҳа ёшлар азим пойтахтга, Самарқанд ёки олис давлатларга боришига ҳожат йўқ.

Қабул квотасининг 3 баробар ортгани эса давлат раҳбари ёшларни мамлакат тараққиёти моделига айлантираётгани, ҳар қадамда қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин исботидир.

Шу билан бирга, жорий йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ёшларга оид давлат сиёсатининг янги, муҳим босқичга кўтарилганини кўрсатди.

Тарихий ҳужжатнинг ҳар бир бандида Ўзбекистон ёшларининг меҳнат фаолияти, таълим олиш жараёни, оила ва жамиятдаги мақсадларини амалга оширилишига кўмак берилиши, ёш авлод манфаатларининг чуқур ҳимояси ўз ифодасини топади.

Ўзбекистонда ёшларни билимли ва малакали қилиб тарбиялаш, жаҳон стандартларига мос келувчи илғор кадрлар этиб етиштириш учун пухта ўйланган, узоқ муддатли изчил тизим амалга оширилиб, ёш авлодга катта имкониятлар берилмоқда. Янги ўқув йилидан 22-28 фоизли 3 йиллик таълим кредити 14 фоизга туширилиб, 7 йилга бериладиган бўлди. Кредитни қоплашга йўналтириладиган маблағлар эса солиқдан озод қилинади. Қувонарлиси, дунё миқёсида ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасаларини битирган ва четда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.

Юртбошимизнинг эътибори ва рағбатидан куч олган, янги ташаббус ва мақсадлар сари қадам қўяётган ёш авлод эндиликда юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкори, деган эътирофга яраша интилиши, изланиши даркор. Қолаверса, дунё миқёсида рақобат

кескин тус олаётган давр фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқлар билан қуролланиш лозимлигини кўрсатади. Бу борада ёшларнинг таълим-тарбияси, она Ватанга, Истиқлол ғояларига садоқати, миллий қадриятларга эҳтироми, буюк аждодларга муносиб ворислик эътиқоди бизни Янги Ўзбекистон истиқболига етаклайди, албатта.

Муносабатим хулосаси сифатида айтишим зарурки, бугун шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро „Янги Ўзбекистон“га муносиб бўлмоқлик учун шунчаки яшамаслиги, меҳнат қилганда ҳам шунчаки ишламаслиги, унинг борлиги, мавжудлиги, ураётган юрагининг чўғи, тафти Ватанга сезилиб туриши шарт.

Фурқат Отамурадов,

Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори,

Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали директори.

Comment:
Йил дастури
Card image cap

Сайтдан излаш
Рўйхатдан ўтиш
Ишонч телефони

(99876) 223-47-14

Ижтимоий тармоқлар
Кун фотоси
navroz
sport er
sport ayollar
TIJ